Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хорижий тажрибага асосланиб, янги – “ЙТҲ содир бўлиши эҳтимоли юқори бўлган йўл қисми” йўл белгисини жорий этиш мақсадга мувофиқлигини ўрганмоқда. 

ИИББ хабарига кўра, мазкур йўл белгиси ҳайдовчи ва пиёдаларни йўл-транспорт ҳодисалари эҳтимоли юқори бўлган йўл қисмига яқинлашиб келаётгани ҳақида огоҳлантиради. Маълум йўл қисмининг хавфлилиги, асосан, статистик маълумотлар ва мавжуд шароитларни (йўл қопламаси, кўринишни тўсувчи йўл четидаги дарахтлар, бино ва иншоотлар) инобатга олган ҳолда баҳоланади. Шунингдек, руйҳатдан ўтган чорак давомида уч мартадан кўп ЙТҲ рўй берган ҳудудлар жой олади.

Янги огоҳлантириш белгиси стандарт қизил чизиқ билан чегараланган оқ учбурчак бўлиб, ўртасидаги қора нуқтани пайқаш осон. Бундан ташқари, унинг остида тўртбурчак шаклда икки автомобилнинг тўқнашуви ёки автомобиль ва пиёда иштирокида ЙТҲ акс этилиши кутилмоқда.

Ҳайдовчи тезликни пасайтириши, ҳаракатларни эҳтиёткорлик билан амалга ошириши учун белги хавфли ҳудуддан 100-150 метр олдинроқ ўрнатилади. Пиёдадан эса йўлни эҳтиёт бўлиб кесиб ўтиши талаб этилади.