Япония ҳукумати электромобил сотиб олиш учун фуқароларга 400 минг иен (3,8 минг доллар атрофида) пул бермоқда. Келгуси йилдан эса ушбу маблағ миқдорини икки бараварга ошириш (7,6 минг долларгача) кўзда тутилмоқда.

Электромобилларни қувватлантириш учун қайта тикланадиган энергия манбалари, масалан, қуёш батареялари билан жиҳозланган уй ва офислардан фойдаланилади.

Хусусий уйларда қайта тикланадиган энергия манбалари нархи анъанавий энергия нархи билан бир хил (ёки 20-30 фоизга қимматроқ). Мазкур чора экологик тоза энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган. Маълумотларга кўра, Японияда ўтган йили 20 минг донага яқин электромобил сотилган.

Аввалроқ Франция ҳукумати фойдаланилган электромобилларни сотиб олувчи фуқароларга минг евродан пул ажратишини маълум қилган эди. Мамлакатда янги электромобиллар учун етти минг евро субсидия берилади. Франция жорий йилда 100 минг дона электромобил сотишни режалаштирган.