«Ўзавтосаноат» компанияси томонидан «UzAutoMotors» талабларига мувофиқ равишда миллий электромобил яратиш жараёни ҳақида R&D маркази муҳандиси Фикрет Умеров маълумот бериб ўтди. Электрлаштириш учун, биринчи бўлиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган машиналар қаторидан «Labo» модели остидаги автомобиль танлаб олинди. Бунга сабаб, авто конструктив нуқтаи назардан енгилроқ ва вилоятларда кенг ишлатилади, шунингдек машина эксплуатация қилинаётган автомобиллар рўйҳатидан жой олган.

Электирлаштириш жараёнида машинанинг ички ёнув двигатели ва узатмалар қутиси олиб ташланади, ўрнига электр двигатель, редуктор ва контроллёр ўрнатилади. Кейинчалик, кинематик схема ва уни бошқарадиган эластик бошқарув дастури ишлаб чиқилади.

Муҳандиснинг сўзларига кўра, автомобилнинг бир қувватланиши минимал 150 километр, максимал 250 километргача масофага етиши кўзда тутилган. Қувватлаш 220 вольтли токдан бўлса, 4 соатдан 8 соатгача, қувватлаш станциясида эса максимал 1 соат вақтни олади.

Электромобиль деталларининг импорт қилиниши унинг таннархида ўз кучини кўрсатди. «Labo» электромобилининг бошланғич нархи 10 минг АҚШ доллар бўлиши белгиланди. Бу миқдорни пасайтириш мақсадида маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари режалаштирилмоқда. Бунинг учун, автомобиль иқлим шароитида синовлардан ўтқазилади.

Яқин ярим йил мобайнида «Ўзавтосаноат» компаниясининг янги «Labo» электромобилини кутиб қоламиз.